Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, Олам ва Одам ҳақида.
Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром — бир хил: ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади.
Дунёвий фалсафа вакили сифатида Хайём дунёни ақл элагида элайди — Олам ва Одам муаммосини умумфалсафа мезони билан ўлчайди.
Шу маънода, Хайём ижодида биз одамдан ҳам, оламдан ҳам устун турадиган — дунёни қамраб оладиган шафқатсиз фалсафага дуч келамиз.
Лекин фаранг файласуфи Ларошфуко: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафа устидан тантана қилади», — дегани каби Умар Хайём рубоийлари ҳам буюк мутафаккирнинг фалсафий мезонларига бўйсунмаган, уларни ёриб чиққан залворли фикрлар пўртанаси, беором қалбига сиғмаган оташин туйғулар силсиласидир.
Илова ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришни унутманг!
اپ ڈیٹ کردہ بتاریخ
16 ستمبر، 2018